Транспорт соҳасидаги энг муҳим ислоҳотлардан бири давлат монополиясини ва чекловларни босқичма-босқич қисқартириб бориш
- 11.11.2020 11:19
- 167

Инвестиция сиёсатининг асосий мақсадлари:
жозибадор инвестиция муҳитини яратиш, капиталга инвестицияларни ошириш, инсон капиталини ривожлантириш, рақобатбардош иқтисодиётни яратиш, иқтисодиётни диверсификация қилиш,
юқори қўшилган қийматга эга устувор соҳаларни ривожлантириш, давлатнинг самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш каби вазифаларини ҳал қилишдан иборат.
Иқтисодиётнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рағбатлантиришда хорижий тажрибани ўрганиш шуни кўрсатадики, мамлакатлар ўз тараққиётининг турли босқичларида инвестициялар йўналтирилган ва турли имтиёзлар берилган муайян устувор тармоқларни танлашга таянадилар.
Иқтисодий диверсификация асосида Ўзбекистон Республикасининг барқарор ва мувозанатли иқтисодий ўсишини таъминлаш ва ички молиявий ресурслари чекланган шароитда унинг рақобатбардошлигини ошириш вазифасини инвестицияларни жалб этиш ва мавжуд маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича рағбатлантирувчи сиёсатни амалга оширмасдан туриб эришиб бўлмайди.
Инвестициялар мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатади:
- макро даражада улар кенгайтирилган такрор ишлаб чиқаришни таркибий жиҳатдан мувофиқлаштириш ва иқтисодиётнинг барча тармоқларини барқарор ривожланишини таъминлаш, инновацион сиёсатни амалга ошириш иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини таъминлаш учун асос бўлиб хизмат қилади;
- микро даражада эса ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ривожлантириш, унинг техник ва технологик жиҳатдан такомиллаштириш, асосий воситаларнинг маънавий ва жисмоний эскириб боришига йўл қўймаслик ҳамда атроф-муҳитга зарарли экологик таъсирини камайтиришни таъминлайди.
Сўнгги йилларда иқтисодиётни эркинлаштириш ва уни ташқи дунёга очиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хорижий ва миллий инвесторларнинг сармоя киритиши, янги бизнес яратиши, қўшимча даромад олиши учун янги имкониятлар яратмоқда.
Хусусан:
- давлат мулки ва ер участкаларини электрон аукционлар орқали, шу жумладан, ноль қийматда тадбиркорлик субъектларига сотиш бўйича бозор механизмлари жорий этилди;
- рақобат муҳитини яхшилаш, бизнес юритиш учун тенг шароит яратиш ва соғлом рақобат муҳитини яхшилашни рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди;
- ёқилғи-энергетика ресурслари, нон, ун ва бошқа стратегик товарлар учун эркин нархларни жорий этиш чоралари кўрилди;
- мамлакат бозорларида соғлом рақобатни чекловчи якка тартибдаги солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда имтиёзлар бериш амалиёти бекор қилинди. Амалдаги механизм доирасида саноат, фаолият соҳалари ва ҳудудлар учун умуман солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференциялар берилади;
- ички бозорда соғлом рақобатни чекловчи якка тартибдаги солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда имтиёзлар бериш амалиёти бекор қилинди. Амалдаги механизм доирасида саноат, соҳалар ва ҳудудлар учун солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференциялар берилади;
Транспорт соҳасида инвестицион муҳитни ошириш бўйича ислоҳотлар
Охирги йилларда транспорт соҳасида давлат монополиясини қисқартириш, соҳа ва корхоналарда замонавий корпоратив бошқарув тамойилларини жорий қилиш, давлат-хусусий шериклар, рақамлаштириш, ташқи савдони кенгайтиришда янги ташаббусларни қўллаш, халқаро транспорт логистика тизимларига аъзоликни кенгайтириб бориш каби мақсадли йўналишлар бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Транспорт соҳасида инвестицион жозибадорликни ошириш, инвесторлар сафини кенгайтириш, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатдор ҳамкорликни амалга оширишда ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, логистика самарадорлиги индекси (ЛПИ) ни ўз ичига олган жаҳон банки томонидан юритилаётган логистика самарадорлиги индекси бўйича Ўзбекистон 99-ўринни эгаллади. Ҳисоботда 168 мамлакат ўрин олган бўлиб, мазкур индекс маҳаллий компанияларнинг миллий ва халқаро бозорларга чиқишни таъминловчи таъминот занжирларининг самарадорлигини ўлчайди. ЛПИ шунингдек, таъминот занжирларининг барқарорлиги, атроф-муҳитга таъсири ва малакали ишчиларга бўлган эҳтиёж каби ривожланаётган масалаларга ҳам эътибор қаратади. Индексни таркибий қисмлари бўйича кўриб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистон божхона тартиблари бўйича 140, инфратузилма бўйича 77, халқаро юклар бўйича эса 120-ўринни эгаллаган. Логистика сифати бўйича 88-ўрин, товарларни кузатиб бориш имкониятлари бўйича 90-ўрин, етказиб бериш муддатлари бўйича эса 91-ўринни эгаллаган.
Ҳозирги кунда жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашув йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш бўйича фаол ва кескин чоралар кўрилмоқда. Халқаро майдонда мамлакат имиджини яхшилаш савдо, иқтисодиёт, инвестиция ва ижтимоий ривожланиш моделларини ишлаб чиқиш, етакчи халқаро таҳлилий ва илмий-тадқиқот институтлари, шунингдек, жаҳондаги бизнес уюшмалар билан алоқаларни мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларидан биридир.
Транспорт соҳасида инвестицияларни кенг жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ташаббуслар
Транспорт соҳасидаги энг муҳим ислоҳотлардан бири транспорт хизматлари бозорини эркинлаштириш, давлат монополиясини ва чекловларни босқичма-босқич қисқартириб бориш, хорижий инвесторларга қулай шартларда давлат ва хусусий шериклик тамойиллари асосида йирик объектларни тақдим этиш каби йўналишларда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2020 йил 1 августдан хорижий авиакомпанияларга вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси халқаро аэропортларида бешинчи даражадаги “ҳаво эркинлиги”, “Навоий” ва “Термиз” халқаро аэропортларида эса юк ташувчи авиакорхоналар учун еттинчи даражадаги “ҳаво эркинлиги”ни тақдим этувчи “Очиқ осмон” режими жорий этилиши потенциал инвесторларнинг юртимиздаги ҳаво ташувлари бозорига кириб келишига замин яратмоқда.
Шунингдек, ҳудудий аэропортларни давлат-хусусий шериклик механизми доирасида халқаро талаблар асосида бошқарувга бериш бўйича лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган.
Транспорт соҳасида халқаро савдо операцияларини тезлаштириш учун чора-тадбирлар ташаббуслари ишлаб чиқилди. Экспорт ва импорт операциялари учун “ягона дарча” тамойили асосида ишлайдиган миллий онлайн портали ишга туширилди. Бунда исталган мижоз электрон сўровнома юбориш орқали барча турдаги рухсатномалар, товар келиб чиқиши сертификатлари ва фитосанитария сертификатларини олиш учун тўлов қилиш имконига эга бўлади. Ушбу янги механизмларни жорий этиш билан экспорт ҳужжатларини қайта ишлаш учун умумий вақт 174 соатдан 96 соатгача қисқартирилди.
Транспорт тизимидаги инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилиши
Пандемия шароитида инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилишига жиддий тўсиқлар ва хавф солганига қарамасдан жорий йилнинг январь-июнь ойларида режалаштирилган лойиҳалар бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан 2020 йил январь-июнь ойлари якунлари бўйича қуйидаги лойиҳалар бўйича қурилиш-монтаж ишлари якунланди.
- Тошкент метрополитени Юнусобод линиясининг 2 – босқичи қуриб битказилди (2,9 км.).
- Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метрополитенини 1-босқичи (11,4 км.) қуриб битказилди. Бугунги кунда республика комиссияси томонидан аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда.
- Андижон-Савай-Хонобод темир йўл участкаси модернизация ишлари тугатилди (65 км.). Мазкур лойиҳаларни ишга тушириш (фойдаланишга топшириш) мамлакатдаги карантин чоралари бекор қилингандан сўнг амалга оширилиши режалаштирилган.
Шунингдек, транспорт тизимидаги соҳалар кесимида олиб борилган ўрганишлар натижасида инвестицион дастурларда белгиланган лойиҳаларнинг ижроси натижалари қуйидагича:
- Автомобиль йўллари қўмитаси бўйича давлат бюджети ҳисобидан 99 та инвестиция лойиҳаси бўйича режага нисбатан 131 фоиз ишлар амалга оширилган.
Давлат кафолати остидаги хорижий молия ташкилотлари томонидан молиялаштириладиган 5 та инвестиция лойиҳалари доирасида маблағлар режага нисбатан 104 фоиз ўзлаштирилган.
- “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бўйича инвестицияларни ўзлаштириш режаси режага нисбатан 121 фоизга амалга оширилган.
- “Uzbekistan airports” АЖ тизими бўйича 2 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Булар умумий қиймати 21,1 млн. долларлик “Термиз халқаро аэропортининг янги сунъий учиш-қўниш йўлаги ва бошқа аэродром қопламалари қурилиши” ҳамда умумий қиймати 62,0 млн. долларлик “Самарқанд халқаро аэропортининг қурилиши” лойиҳалари. Самарқанд аэропортида 62 млн. долларлик реконструкция ишлари бажарилмоқда. Қайта қуриш ишлари якунланганидан сўнг аэропортнинг ўтказиш қобилияти соатига 600 дан 1200 йўловчига ошиши мумкин. Ҳозирда 22 та самолёт учун тўхташ ва учиш-қўниш йўлаги қурилиши ҳам якунланмоқда.
Давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳалар
Транспорт вазирлиги томонидан Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида 10 та лойиҳаларни амалга оширилмоқда.
Автомобиль транспорти соҳасида
Республика вилоятларидаги давлат улуши бўлган жами 13 та автостанциялардан биринчи босқичда 9 тасини ҳамда 7 та (Қорақалпоғистон Республикаси Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм, Наманган хамда Тошкент вилоятларидаги) автотранспорт корхоналарини давлат-хусусий шерикчилик асосида тадбиркорларга бериш.
Авиация соҳасида
Республика ҳудудий аэропортларини давлат-хусусий шериклик механизми доирасида халқаро талаблар асосида бошқарувга бериш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш.
Мазкур лойиҳа бўйича Халқаро молия корпорацияси билан республика аэропортларида давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида бошқарувга бериш бўйича ишлари олиб борилмоқда.
Йўл хўжалиги соҳасида
“Тошкент-Андижон пуллик автомобиль йўлини қуриш” лойиҳаси бўйича Жаҳон банки иштирокида “Price water House Coopers” (Польша) ва “Over Arup and Partners” (Буюк Британия) консалтинг компаниялари консорциуми томонидан лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилди.
Хорижий маслаҳатчилар томонидан лойиҳани 3 та босқичда (лот) амалга ошириш таклиф қилинди. Шу билан бирга “Қамчиқ” довонида янги пуллик тоннел қуриш лойиҳасини ушбу лойиҳа доирасида амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар ва концепциясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни якунлаш 2020 йил декабрь ойида режалаштирилган.
“Тошкент-Самарқанд пуллик автомобиль йўлини қуриш” лойиҳаси бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда “Спектрум” компанияси (Россия) томонидан лойиҳани молиявий ва иқтисодий жиҳатдан амалга ошириш имкониятлари ўрганиб чиқилди ва тегишли ҳисоботлар тақдим этилди.
Ҳозирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун тендер эълон қилинган. Лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш жорий йил якунига қадар режалаштирилган.
“Тахтақарачи пуллик автомобиль йўлини қуриш” лойиҳаси бўйича Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан грант маблағлари эвазига лойиҳанинг дастлабки техник иқтисодий асосини ишлаб чиқиш учун ҳамкорлик келишувига эришилди.
Жорий йил май ойида лойиҳанинг паспорт ва аннотациялари ўрнатилган тартибда ОТБга тақдим этилди. Бугунги кунда ОТБ томонидан тегишли хулосалари тақдим этилиши кутилмоқда.
“Сирдарё-Бахт пуллик автомобиль йўлини қуриш” лойиҳаси Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳани “Тошкент-Самарқанд пуллик автомобиль йўли қурилиши” лойиҳасининг дастлабки техник-иқтисодий асосларида кўзда тутиш ҳамда мазкур лойиҳа доирасида қуриш таклиф қилинмоқда.
Бугунги кунда Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун тендер эълон қилинган. Лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш жорий йил якунига қадар режалаштирилган.
Рақамлаштириш бўйича қандай лойиҳалар амалга оширилди?
Ўзбекистон Республикаси “Транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида рақамлаштириш технологияларини ривожлантириш бўйича амалга oшириладиган чора-тадбирлар режаси”га асосан жами 61 та лойиҳа, шундан 2020 йилда 38 та, 2021 йилда 13 та ва 2022 йилда 26 та лойиҳаларнинг амалга оширилиши режалаштирилган.
Жорий йилнинг 1 ярим йиллигида Транспорт ва йўл хўжалиги соҳасини рақамлаштириш бўйича қуйидаги лойиҳалар амалга оширилган.
- Йўловчиларга янада қулайликлар яратиш мақсадида, жорий йил 1 январдан Тошкент шаҳри жамоат транспортида (автобус ва метрополитен) автоматлаштирилган электрон тўлов тизими жорий этилиши бошланди.
Ушбу тизим 2020 йил 1 августдан Нукус шаҳри ва вилоят марказларида 2021 йил 1 январдан бошлаб эса республиканинг барча ҳудудларида жорий этилади.
Бугунги кунда автобуслар 1 100 та валидатор билан таъминланиб, 29 та метро станцияларида 50 та турникетлар ўрнатилди. Ушбу тизим тўлов карталарини 51 та метро кассалари ва 50 та шохобчаларда сотиш ташкил этилиб, тўловни “QR код” орқали амалга ошириш учун “АТТО” мобил иловаси ишга туширилди.
- Темир йўл ташувларида мижозларга хизмат кўрсатиш шаффофлиги, сифати ва тезкорлигини ошириш мақсадида “Ягона дарча” тамойили асосида автоматлаштирилган ахборот тизими яратилиб, жорий йилнинг июль ойида тест режимида ишга тушириш ва босқичма-босқич хизматлар тури ва сифатини ошириб бориш режалаштирилган.
- Халқаро ташувларни амалга оширишда қулайликлар яратиш ва шаффофликни ошириш мақсадида, хорижий кўп томонлама рухсатнома бланкларини тақсимлашнинг автоматлаштирилган онлайн тизими ишга туширилди.
- Юк ва йўловчи ташиш фаолиятини лицензиялаш тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Бу тизим орқали тадбиркорларнинг масофадан туриб лицензия олиш имконияти яратилди.
- Ҳозирги кунда Товар-хом ашё биржаси билан ҳамкорликда автомобиль транспортида юк ташиш хизматларини кўрсатиш бўйича махсус электрон савдо майдончаси – “mytransport.uz” ягона платформаси жорий йилнинг август ойида тўлиқ ишга туширилади.
Ушбу платформада ички ва ташқи юк ташувлари хизматларини электрон савдо майдончаси орқали харид қилиш имконияти яратилади.
- Бугунги кунга қадар йўловчи чипталарни харид қилиш ҳар бир транспорт тури бўйича алоҳида яратилган электрон тизимлар орқали амалга оширилаётган эди (автобусда – avtoticket.uz, ҳаво транспортида – uzairways.com, темир йўл транспортида – e-ticket.railway.uz).
Йўловчиларга янада қулайликлар яратиш мақсадида, автобус, темир йўл ва ҳаво транспорти учун чипталарни “онлайн” харид қилиш имконини берувчи ягона “Uztrans” портали яратилиб, жорий йил 1 майдан тест режимида ишга тушди, ҳамда ҳозирда унинг мобил иловасини яратиш ишлари давом эттирилмоқда.
- Халқаро, шаҳарлараро ва ички автобус йўналишлари учун тендер савдоларини электрон тарзда ташкил этиш тизимини жорий этиш.
Ушбу тизим орқали тадбиркорлар тендер савдоларида масофадан иштирок этиши ҳамда автобус йўналишлари тақсимланишининг шаффоф ва қулай механизми яратилади.
- Самарқанд шаҳри транспорт тизимини комплекс ривожлантириш режаларини моделлаштириш орқали ишлаб чиқиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда Авваламбор бу ишларни мастер-режа асосида қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этиш ўрганилмоқда:
- транспорт воситалари ва пиёдалар хавфсиз, қулай ва тез ҳаракатланиши учун зарур шароитлар яратиш;
- автомобиль йўллари ва йўл ўтказгич тизимларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
- транспорт воситалари ва аҳолининг йўлга сарфланадиган вақти ва маблағлари тежалишига эришиш;
- транспорт воситаларининг атроф муҳитга салбий таъсирини камайтириш.
- Транспорт хизматларидан фойдаланувчилар учун қулайлик яратиш ва шаффофликни ошириш мақсадида онлайн тариф калькуляторлари жорий қилиниб, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ расмий веб-сайтида жойлаштирилиб, тизимдан рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга фойдаланиш имконияти яратилди.
- Бухоро ва Фарғона аэропортларида рўйхатга олиш (Self-Check In) тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Мазкур тизим жорий йил август ойидан бошлаб ишга тушириш режалаштирилган.
- Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч аэропортларида ҳаводаги ҳаракатни бошқариш автоматлаштирилган тизимини модернизациялаш лойиҳасини жорий этиш бўйича барча лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиб экспертизадан ўтказилди ва ахборот тизимини ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзоланди.
Транспорт тизимида яқин келажакда амалга оширилиши режалаштирилган ислоҳотлар
Транспорт тизими корхоналарида ислоҳотларни давом эттириш ва уларда замонавий корпоратив бошқарув механизмларини жорий этиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан:
- Фуқаро авиацияси соҳасида Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясини ривожлантириш ва рақобат муҳитини яратиш мақсадида, «Humo Air» янги авиакомпаниясини хорижий экспертларни жалб этган ҳолда “Humo Air” авиакомпаниясини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва йил якунига қадар фаолиятини бошлаб юбориш;
- Жаҳон банки билан биргаликда авиация соҳасини институционал ва норматив жиҳатдан ислоҳ қилиш ҳамда “Uzbekistan airways” жамиятини ривожлантириш бўйича “Бизнес модели”ни ишлаб чиқиш;
- Халқаро молия корпорацияси томонидан аэропортларни давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш концепцияси тайёрлаш;
- “Airport Research Center” компанияси (Германия) томонидан аэропортларнинг қисқа ва узоқ муддатли ривожланиш стратегияси тайёрлаш.
Шунингдек, Россиянинг етакчи авиакомпаниялари билан ҳамкорликда Ўзбекистон фуқаро авиацияси бозорида янги “лоукостер” авиакомпаниясини ташкил этиш музокаралари олиб борилмоқда.
Темир йўл транспорти соҳасида “Дойче Банн” компанияси томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” жамияти фаолиятини ислоҳ қилиш ҳамда бошқарувнинг самарали механизмларини жорий этиш.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда транспорт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва инвестицион дастурларнинг амалий самарасини яқин давр ичида иқтисодиётнинг барча соҳаларига ҳамда аҳолининг барча қатламларига сифатли ва рақобатбардош шароитлардаги логистика ва ташув хизматларининг тақдим этилиши ҳамда бу соҳанинг мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини кескин оширишга катта ҳиссасини қўша олишини кўришимиз мумкин бўлади.
Мақола Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди.