24 май, шанба
|
Тошкент   29° C

Пул қадри ёки қадрсизланиши нималарга боғлиқ?

Пул қадри ёки қадрсизланиши нималарга боғлиқ?

Назарий жиҳатдан инфляцияга таклиф, талаб ва импорт омиллари гуруҳи таъсир қилади. Ҳаммага маълумки, инфляция бу умумий истеъмол маҳсулотлари ва хизматлар нархлари ошиши. Aгар ишлаб чиқариш харажатлари ошса, маҳсулотлар нархи ошади ва бу таклиф инфляциясини келтириб чиқаради. Бошқа тарафдан, аҳоли даромадларининг ошиши бозордаги маҳсулот ва хизматларга талабни оширади, бу эса талаб инфляциясига сабаб бўлади. Ундан ташқари, миллий валютанинг қадрсизланиши импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархининг ошишига сабаб бўлади ва бу импорт инфляциясини келтириб чиқаради. Ўзбекистон шароитида ҳар уч омил гуруҳи инфляция даражасига ўз таъсирини кўрсатиб келмоқда. Лекин алоҳида омиллар гуруҳининг соф таъсир кучи ҳақида таҳлилчиларнинг фикрлари турли хил.

Коронавирус пандемияси муаммоси пайдо бўлишидан олдин таклиф омиллари ичида охирги йиллардаги солиқ сиёсати, хусусан қўшилган қиймат солиғи тўловчи тадбиркорлик субъектларининг қамрови кенгайганини алоҳида айтиш мумкин. Бу ўз навбатида, маҳсулотлар нархи ошишига олиб келди. Бошқа томондан, нархлар давлат томонидан тартибга солинадиган товар ва хизматларнинг кўпчилиги учун бозор нарх шаклланиш тизимига ўтилди. Бу товар ва хизматлар учун бозор нархлари анча баландлиги сабабли иқтисодиётдаги умумий нархлар даражасида таъсир кўрсатди. Яқинда Президент таъкидлаган давлат корхоналарининг самарасиз ишлаши ҳам, бу корхоналар монопол статусга эга бўлган шароитда уларнинг маҳсулот ва хизматлари нархи ошишга олиб келади ва инфляцияни келтириб чиқаради.

Инфляцияга кредитлаш кўламининг таъсири катта, деб қараш кенг тарқалган. Сўнгги йилларда кредитлаш кўлами ошгани рост. Жумладан, аҳоли учун «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури асосида кредитлар берилмоқда. Бу ўз навбатида бозорда қўшимча талаб келтириб чиқариш орқали нархларнинг ошишига таъсир кўрсатаётган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, давлат секторида иш ҳақи ўртача 30-40 фоизга ошгани ва даромад солиғи туширилгани ҳам бозордаги нархларга ўз таъсирини кўрсатган бўлиши мумкин.

Импорт инфляцияси омиллари ичида валюта либерализацияси (эркинлаштирилиши) сиёсати омилининг роли катта. Бу миллий валюта сўмнинг қадрсизланишига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Валюта курси ўзгариши импорт нархларига таъсири орқали ички инфляцияга бевосита таъсир қилади. Бу таъсир одатда ривожланган давлатларга қараганда ривожланаётган давлатларда каттароқ бўлади. Бунинг сабаби истеъмол саватида халқаро бозорда олди-сотди қилинувчи, хусусан озиқ-овқат товарларнинг улуши катта. Сўнгги йилларда импорт кўламининг экспорт кўламига нисбатан ошиб кетиши ҳам девальвацияга таъсир қилмоқда. Натижада, импорт қимматлашмоқда, нархларнинг умумий даражаси ошмоқда. Баъзилар импорт аслида ошмади, либераллашув сиёсати натижасида «расмийлашди» дейиши мумкин. Лекин либераллашув сиёсатининг иқтисодиётнинг баъзи тармоқларидаги ишлаб чиқаришнинг камайиши билан тўғри келиши, ҳақиқатан ҳам импорт ошганини билдиради.

Охирги йилларда инфляцияни жиловлашга сиёсий хоҳиш борлиги кўриниб турибди. Жумладан, инфляцион таргетлашга ўтиш ва бюджет қонун кўринишида қабул қилиниши бир тарафдан сиёсий тартибни таъминлайди ва давлат пул-кредит ва фискал сиёсати борасидаги ишларнинг аниқлиги ошиши ҳисобига инфляцион кутилмаларни жиловланишига хизмат қилади.

Коронавирус пандемияси шароитида аҳолини асосан озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларидаги ўзгариш қизиқиш уйғотади. Озиқ-овқат нархлари ўзгаришига, бир тарафдан, озиқ-овқат маҳсулотлари таклифининг камайиши таъсир ўтказса, иккинчи тарафдан, уларга талабнинг ошиши ҳам таъсир этади. Халқаро ташкилотлар тадқиқотлари натижасига кўра охирги ойда аҳолининг 40% ўз харажатларини қисқартирган бўлса, 60% аҳоли харажатлари ошган. Харажатлар ошиши асосан нисбатан бой аҳоли ҳисобига тўғри келади. Карантин шароитида, умумий олганда, узоқ муддатли истеъмол товарлари (мебель, кийим-кечак, электротехника ва б.) ишлаб чиқариш ҳажми чекланган (ишчилар ишга қатнай олмагани, хом ашё келиши тўхтаб қолгани каби омиллар таъсирида). Шу билан бирга, уларга бўлган талаб ҳам аҳоли даромадлари камайиши ҳисобига пасайган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ўтказилган 10 мингдан зиёд киши қатнашган сўровнома натижалари ҳам қатнашганларнинг 63% ҳозирда узоқ муддатли истеъмол товарлари харид қилиш учун яхши фурсат эмаслигини таъкидлаб ўтган (10% харид қилиш тарафдори бўлган).

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Бош илмий ходими

Бахтишод Ҳамидов



Ўхшаш янгиликлар