Камабағаллик: Даромад тенгсизлигими ёки таълим олишга эътиборсизлик?
- 27.06.2020 19:41
- 115

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номлаш таклиф этилишида узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш назарда тутилди. Ушбу ғоянинг туб моҳияти мамлакатни илғор тажрибалар асосида ривожлантириш ва аҳоли даромадлари тенгсизлигини бартараф этишдир. Бу эса камбағалликни қисқартиришнинг бош омили, десак, хато бўлмайди. Бинобарин, Президент 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги сир эмас. Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12 — 15 фоизни ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда”, дея алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистонда мазкур категорияга нисбатан ёндашувнинг юзага келиши ва унга доир ислоҳотларни амалга ошириш жуда муҳим масала. Чунки шу пайтгача унга, умуман, эътибор берилмаган, рақамлар очиқланмаган эди. Шу маънода, Президентимизнинг 2020 йил 26 мартдаги “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан бу борада кўплаб вазифалар белгилаб берилди ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича янги йўналишлар шакллантирилди. Хусусан, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги қилиб қайта ташкил этилиши ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.
Олимлар нима дейди?
Мисол учун, покистонлик олимлар — Тариқ Мажид ва Нўмон Малик томонидан 2015 йилда амалга оширилган тадқиқотда камбағалликни келтириб чиқарувчи омиллар сирасига саводхонлик даражаси ҳам киритилади. Бунда оила хўжалигининг камбағалликка тушиб қолишига оила бошлиғининг тажрибаси, ёши, жинси ва бандлиги каби омиллар таъсир қилишини келтириб ўтади. Шунингдек, оила бошлиғи сифатида аёл киши бўлиши камбағалликни келтириб чиқаришга кўпроқ таъсир қилади, деган ғоя илгари сурилади. Бу аёлларнинг таълим олиш ва даромад топишдаги имкониятлари юқори эмаслиги билан изоҳланади. Тадқиқотлар асосида, биринчидан, таълим олганлик даражаси билан камбағаллик тескари пропорционал эканлиги, иккинчидан, қишлоқ жойларда пул ўтказмаларига эга бўлганлар камбағалликка камроқ тушишаётганлиги, учинчидан, шаҳарлашиб бориш камбағалликни пасайтиришини ва қишлоқ ҳудудларида эса ошишига олиб келишини қайд этиб ўтади. Ўз навбатида, тажриба, ёш ва қишлоқ хўжалигида банд бўлиш камбағалликни келтириб чиқармаслигини асослаб беради.
АҚШда монетар сиёсатнинг самарали амалга оширилиши асосчиларидан бири М. Фридмен даромадлар нотенглиги статистик тақсимотни аниқ кўрсатмаслигини таъкидлайди. Унинг фикрича, истеъмол жиҳатидан даромадларнинг тақсимоти уларни юзага келтирувчи сабабларга боғлиқ. Даромадларнинг нотенглигига сабаблардан бири эса инсонларнинг қобилияти тенг тақсимланмаганлиги билан боғлиқ. Ушбу тенденцияни олим Ҳ. Стакле ҳам таъкидласа, Ж. Минсер инсон капиталига инвестициялар ҳамда даромадларнинг тенгсизлиги омилларини аниқлаган ва уларни баҳолаган. Инсонлар даромадининг нотенглиги инсон капиталига қилинган инвестицияларга боғлиқ эканлиги, инвестиция жараёни эркин танловга асосланишини қайд этиб ўтади. Минсер фикрига кўра, катта маош кўп ўрганишни талаб этади. Шу боис касблараро фарқ уларни ўрганишдаги фарқлар билан изоҳланади ва ўрганиш муддатларидаги ўзаро абсолют фарқ йиллик даромаддаги фоизли фарқларни келтириб чиқаради. Бир касбнинг бир неча эгалари даромадлари ўртасидаги фарқ инсон капитали тажрибасига қилинган инвестиция муддатининг узайтирилганлиги билан боғлиқ. Умуман олганда, таълим, ёш ва касб каби омиллар инсонлар даромадлари табақаланишида асосий сабаб эканлиги асослаб берилади.
С. Пенг ва бошқалар ўзларининг тадқиқотларида камбағалликни келтириб чиқарувчи омилларни таҳлил этиб чиқади. Улар камбағаллик эҳтимолини келтириб чиқарувчи омиллар сифатида қуйидагиларни санаб ўтади: кексалик, аёл киши бўлиш, турмуш ўртоғининг бўлмаслиги, ота ёки она бўлмаган оилада катта бўлиш, ишсизлик, давлат уйида ижарада туриш, паст саводхонлик ва соғлиқ даражаси. Шунингдек, оилада ногирон ёки сурункали касалликка чалинган одамнинг бўлиши. Таъкидлаш лозимки, олий таълим олганлик камбағаллик ва минимал қашшоқликдан сақланишга ёрдам бериши айтилади.
Фикримизча, камбағалликни аниқлашга ёрдам берадиган омил сифатида даромадларнинг шаклланишига эътибор қаратиш муҳим ҳисобланади. Бунда даромад шаклланишига асос бўлиб хизмат қилувчи сабаблар ва омилларни ривожлантириш янада муҳим. Бу эса камбағалликни бартараф этишда асосий роль ўйнайди. Жумладан, таълим тизими ва инсонлар қизиқиши доирасида касбга йўналтиришни ривожлантириш.
Халқаро ташкилотлар ёндашуви ҳам ўзига хос
Ушбу масалада халқаро ташкилотларнинг ёндашув ва мезонлари ҳам қизиқ. Хусусан, Жаҳон банки томонидан камбағалликни аниқлаш бўйича кунлик даромаднинг ҳажмига нисбатан мезон сифатида миллий даромаднинг киши бошига тўғри келиши ҳажми қуйидагича белгиланган:
* халқаро камбағаллик чизиғи 1,9 АҚШ доллари;
* ўртача даромаддан паст (2020 йил учун киши бошига ЯИМ 1026 — 3995 АҚШ доллари) бўлган мамлакат учун 3,2 АҚШ доллари;
* ўртача даромаддан юқори (2020 йил учун киши бошига ЯИМ 3995 — 12375 АҚШ доллари) бўлган мамлакат учун 5,5 АҚШ доллари.
Мазкур мезон 2013 йилда эълон қилинган бўлиб, ўша даврда 1,25 АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2015 йилга келиб 1,9 АҚШ долларига кўтарилган. Ўз навбатида, мазкур кўрсаткичлар мос равишда 2005 ва 2011 йиллардаги базис нархлар билан киши бошига даромад ҳисобланиши орқали татбиқ этилади. 2017 йилдан бошлаб эса қўшимча равишда кейинги иккита кўрсаткич ҳам киритилган. Камбағалликнинг халқаро меъёри минимал истеъмолни назарда тутади ва у кейинги иккита мезон билан алмаштирилмайди. Ушбу кўрсаткич ўта камбағалликни акс эттиради. Ўзбекистон ўртача даромаддан паст даромадга эга бўлганлиги учун 3,2 АҚШ доллари тавсия этилади.
2015 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 70-сессиясида 2030 йилгача Барқарор ривожланишнинг 17 мақсади қабул қилинди. Ушбу мақсадларнинг биринчиси — “Камбағалликни йўқотиш” (No Poverty) деб номланган бўлиб, дунё мамлакатлари ушбу омилга қарши оммавий курашга чақирилади. Мазкур мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор иловасининг 1-бандида “1-мақсад. Барча жойларда аҳолининг кам таъминланганлик даражасини пасайтириш” деб номланган. Ушбу банднинг вазифалари сифатида белгиланган 7-йўналишда асосий эътибор ижтимоий ҳимояга ва гендер тенглигини таъминлаш ҳамда микрокредитлаш амалиётларидан фойдаланиш кўзда тутилган.
Бизнингча, ушбу қарорда келтирилган вазифаларнинг бир қатор йўналишида таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган, айниқса, олий таълим билан қамраб олиш даражасини кенгайтириш бўйича устуворликлар келтирилмаган. Бу эса жаҳон олимлари томонидан асосланган илмий хулосалар инобатга олинмаганлигини англатади. Сабаби даромадлар тенгсизлигини келтириб чиқарувчи кам сонли омилларнинг асосийси, бу, таълим эканлиги таъкидлаб ўтилган.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда аҳоли даромадларининг 1/4 қисми 10 фоиз аҳоли қўлида тўпланганлиги ҳам даромадлар тенглигини таъминлаш заруратини келтириб чиқаради. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, аҳоли асосий қатламининг даромадлари вақтинчалик узилишга учраган даврда жамғарма категорияси муҳим аҳамиятга эга. Бу давлатнинг зиммасига катта молиявий юкни келтириб чиқариши, бюджет дефицитини ошириши мумкин.
Синовли даврдаги тадбирлар
Пандемия шароитида даромадлар пасайиши ва жамғармаларнинг узоқ муддатга етмаслик эҳтимоли давлат томонидан қўшимча маблағларни сафарбар этишни тақозо қилади. Бу эса бюджет даромадлари қисқарган шароитда қарз маблағларини жалб этиш заруратини келтириб чиқаради. Шу маънода, Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганини алоҳида қайд этиш жоиз. Чунки ушбу ҳужжат асосида ҳукумат томонидан халқаро молия институтларидан 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида ташқи қарз жалб этилиши белгилаб берилди. 2019 йилда иқтисодиёт соҳасида Нобель мукофотини қўлга киритган А. Банержи, Э. Дюфло ва М. Крамер томонидан давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар амалга ошираётган ислоҳотларнинг нечоғлиқ натижа бераётганлиги таҳлил этилди. Нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон мамлакатларида амалга оширилган камбағалликка қарши кураш натижалари таҳлили бу борадаги тадбирларни тубдан ўзгартириш заруратини кўрсатди. Яъни тадқиқотларга кўра, мактаб таълимида икки омил — ўқувчилар қизиқиши ва ўқитувчилар билан маълум муддатли шартномалар муҳим эканлиги исботланди.
Айтиш керакки, мактаб таълимидаги муаммолар нафақат камбағалликка доир, балки бошқа ижтимоий-ҳуқуқий масалаларни ҳам келтириб чиқариши кўплаб тадқиқотларда исботланган. Масалан, 2020 йил 3 март куни Тошкент шаҳрида “Сурия ва Ироқдан қайтариб олиб келинганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича Марказий Осиё мулоқоти: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Унда “Меҳр-1” ва “Меҳр-2” операциялари натижалари таҳлил қилинди. Жумладан, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти вакили, профессор Бахтиёр Бобожонов ўзбек аёлларининг Ироқ ҳамда Сурияга кетгани сабаблари ҳақида тўхталиб, “Энг катта сабаб — уларнинг билимсизлигидир. Аёлларнинг шаҳодатномасига қарасак, ҳаммаси қониқарсиз таълим олишган”, деб таъкидлаб ўтди.
Иккинчи омил сифатида соғлиқни сақлаш тизимида одамларнинг фарзандлари соғлиғи учун инвестиция қилмаслиги ёки уни ортга суриб келиши салбий таъсирга эга эканлиги кўрсатилади. Шу боис болаларни инфекцияларга қарши эмлашда вақтинчалик субсидиялар доимийларидан кўра самарали эканлиги қайд этилади. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтган “...бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади” деган сўзларининг қанчалик аҳамиятга эга эканлигини англаш қийин эмас.
Бундан ташқари, микрокредитлаш механизмини ҳам яна бир омил сифатида келтириш мумкин. Нега деганда, мазкур усул камбағалликка қарши курашишда кутилган натижаларни бермаслиги аниқланган. Ўзбекистонда камбағалликни келтириб чиқарувчи муҳим сабаблар нималар? Қуйида шуларнинг айримларини келтириб ўтамиз.
1. Ижтимоий соҳанинг нобарқарорлашувига олиб келган жиҳатлар:
* соғлиқни сақлаш тизимида давлат харажатларининг, айниқса, бирламчи тиббий хизматлар тақдим этишда етарли эмаслиги;
* мактабгача таълим билан қамраб олиш қамрови
пастлиги;
* мактаб таълимида ўқув муассасаларидан “резина” каби фойдаланиш базавий таълимнинг натижадорлигини тушириб юбориши;
* олий таълимнинг қамрови 10 фоизга етмаслиги катта улушга эга бўлган ёшларнинг инсон капитали даражасини пасайтириши;
* илмий тадқиқотларга ажратилган маблағлар ЯИМга нисбатан 0,25 фоиз атрофида бўлиши.
2. Меҳнатга ҳақ тўлаш касбга эмас, балки лавозимга бириктирилиши, юқори билим талаб қилувчи касблар жозибадорлигини йўқотди. Масалан, шифокор ва сержант унвонидаги ҳарбий хизматчининг иш ҳақидаги сезиларли тафовут.
3. Электр таъминотидаги узилишлар давомийлиги қуйидаги нобарқарорликни келтириб чиқарди:
* таълимнинг уйда бажариладиган вазифалар қисми ўзлаштирилмаслигига таъсир кўрсатди;
* бизнес юритишга жиддий таъсир кўрсатди. Масалан, жаҳон банкининг ҳисоботида, бизнес субъекти кичиклашиб боргани сари электр таъминотидан узилиши кучайиб бориши қайд этилган.
4. Иқтисодиётнинг норасмий қисми кучайиши аҳоли даромадлари ҳисобини ва статистикасини юритишга салбий таъсир кўрсатди.
Қандай чоралар кўрмоқ керак?
Кўриниб турибдики, камбағалликни камайтириш, бу борада юзага келадиган муаммолардан келиб чиқадиган омиллар йўқ эмас. Шундай экан, нима қилмоқ керак?
Тадқиқотларда аён бўлаётган ушбу масалалардан келиб чиқиб, қуйидагиларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Аввало, аҳолининг камбағаллик даражасини аниқлаш учун демографик жиҳатдан гуруҳларга ажратиш нуқтаи назаридан аниқ статистикани шакллантириш ва шунга мос тадқиқотларни амалга ошириш. Бунда оила аъзолари сони, саводхонлиги, соғлиғи, ёши, жинси, танлаган касби кабиларни инобатга олишга имкон яратиш.
Шунингдек, қисқа муддатли даврда эътибор берилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳам талайгина. Хусусан, иқтисодиётдаги ихтисослашув назариясининг (Д. Рикардо) одамлар қобилиятига уйғунлашувини жорий этиш. Бунинг учун уларнинг қандай меҳнат қилишга имконият ва хоҳишлари юқори бўлишини инобатга олиш орқали қиймат яратиш (ЯИМ)ни йўлга қўйиш. Масалан, пичоқ ясайдиган (ҳунарманд ота-бобосидан ўрганган ва шу ишни севиб қиладиган) инсонга меҳнат қилиши учун барча шароитни яратиш механизмини жорий этиш. Агар биз ундан бошқа турдаги меҳнат қилишни талаб этсак ёки у шунга мажбур бўлса, иқтисодий ўсиш ва камбағалликдан чиқиш тенденцияси юзага келмаслиги мумкин.
Аҳолининг истеъмолини арзонлаштириш, яъни давлат ва “айрим” тадбиркорларнинг монополиясини фавқулодда тугатиш. Бунинг учун иқтисодиётда рақобат муҳитини яратиш лозим бўлади. Ушбу жараёнда икки жиҳатга эътибор қаратиш зарур. Биринчидан, миллий (давлат ёки хусусий) ишлаб чиқарувчилар монополияси шаклланишини камайтириш. Иккинчидан, турли иқтисодий иттифоқлар, жумладан, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни жадаллаштириш керак.
Электр таъминоти узлуксизлигини таъминлаш, муқобил энергиядан фойдаланишни жадаллаштириш. Бунинг учун муқобил (қуёш, шамол кабилар) энергия манбаларини ривожлантиришга эътибор қаратиш. Шунингдек, ушбу турдаги энергия истеъмолига ўтишда давлат субсидияларини жорий этишни ривожлантириш мақсадга мувофиқ.
Харажатларни қисқартириш, яъни кўп даромадга эга бўлмаган шароитда жамиятда тежамкорлик тамойилини жорий этиш. Масалан, турли миллий қадриятларга асосланган маросимларга харажатларни камайтириш, шунингдек, норасмий иқтисодиётни қисқартириш талаб этилади.
Учинчидан, бу жараёнда узоқ даврга мўлжалланган дастурларнинг ҳам аҳамияти катта. Шу нуқтаи назардан бу каби дастурларни амалга оширишда профилактика тиббий хизматларни молиялаштириш ҳажми ва самарадорлигини ошириш даркор. Бу орқали ёш болаларни эмлаш ишларига эътибор берилиб, актив умр фаолиятини ривожлантириш орқали пассив умр кўришни қисқартиришга шароит яратилади.
Мактаб таълимида ўқувчилар қизиқишларини инобатга олган ҳолда, гуруҳларга ажратиб таълим бериш ҳам яхши натижани юзага чиқаради. Бунда ўқиш, ёзиш, математика ва табиий фанлар кесимида гуруҳларни ташкил этишни ўқувчиларнинг қандай касбга (лавозимга эмас) қизиқишлари доирасида синфларга ажратишни жорий қилиш лозим.
Шунингдек, олий таълим қамровини ошириш, яъни бир турдаги мутахассисликни тайёрлаш бир нечта олий таълим муассасаларида амалга оширилиши орқали рақобат муҳитини яратиш, олий таълимда шартнома тўловларини дарсга қатнашиш учун эмас, балки фан бўйича якуний имтиҳонларда қатнашиш ҳуқуқини белгилаш тамойили асосида ўқув юртларида мустақил жорий этишга имкон бериш лозим. Қолаверса, қабул квоталари муассаса сиғимкорлиги асосида мустақил белгиланиши керак.
“Кичик бизнесдан — йирик бизнесга”. Бу ғоя ҳам одамлар бандлигини таъминлаш, демакки, камбағалликдан чиқаришда айни муддао. Фақат бунда бир ишчи ўрин учун харажатлар ҳажми йирик бизнесда кичик бизнесга нисбатан кам эканлиги инобатга олинади. Шу билан бирга, йирик бизнес мамлакат экспорт салоҳиятини оширишнинг энг самарали воситаларидан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, юқори илмий сиғимкор маҳсулотларни ривожлантириш, яъни тадқиқотлар натижаларини ишлаб чиқаришга, айниқса, хусусий секторнинг тадқиқотларини молиялаштиришни жорий этиш учун венчур фондларини шакллантириш зарур, деб ўйлаймиз.
Ва ниҳоят, меҳнат мигрантларини эмас, балки меҳнат маҳсулини экспорт қилиш тамойилини ривожлантирмоқ зарур. Бинобарин, инсон капиталига инвестициялар жалб этиш узоқ даврда барқарор натижаларни бериши муқаррар.
Юртимизда инсон манфаати йўлида амалга оширилаётган ишлар, саъй-ҳаракатлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Сўнгги пайтларда узоқ йиллар давомида яшириб келинган ҳолат — камбағаллик хусусида, айниқса, кўп гапирилмоқда. Муҳими, бу гап бўлиб қолиб кетаётгани йўқ. Амалий ҳаракатлар бошлаб юборилган. Камбағал инсонлар сони аниқлаштирилиб, кам таъминланган оилалар рўйхати шакллантириляпти. Яъни жараён бошланган. Ўйлаймизки, биз берган таклиф ва фикрлар ҳам айни шу жараёнда асқатади.
Нодир ЖУМАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор,
Дилшоджон РАҲМОНОВ,
Банк-молия академияси
Молия кафедраси мудири,
иқтисодиёт фанлари доктори, доцент
Манба: Халқ сўзи газетаси