Бой бўлишнинг “кўринмас” имтиёзлари
- 25.08.2020 10:28
- 164

Кўп ҳолларда иқтисодий ўсиш (бозор муносабатларини қўллаб-қувватлаш, бизнесни ривожлантириш) камбағалликни камайтиришдаги асосий омил деб қаралади ва ҳар қандай иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган сиёсат тегишли равишда камбағалликни ҳам камайтиришга хизмат қилади, деб тушунилади. Чунки иқтисодий ўсиш даромадлар ўсиши дегани, даромадлар ўсиши эса инсонлар, шу билан бирга, кам таъминланганлар фаровонлигининг ошишига олиб келади.
Аммо, амалиёт шуни кўрсатдики баъзи ҳолларда иқтисодий ўсиш автоматик равишда камбағалликни камайишига олиб келмаяпти. Акс ҳолда, жамиятдаги бой қатламнинг янада бойишини таъминлайди холос.
Халқимизда “Пул пулни келтиради”деган нақл бор. Амалиётда бу қонуният яққол кўзга ташланади. Масалан, пули бор одам ўз маблағларини банкка қўйиб фоизлари ҳисобига ишламай кун кечириши мумкин ёки кўчмас мулк сотиб олиб ижара пулига ёки бирор бир бизнесга “оборот”га қўйиб ўз маблағларини кўпайтиришда давом этиши мумкин. Табиийки, пули кўп одамнинг атрофида таниш-билишлар кўп бўлади, алоқалар яхшиланади ва иш битиши осон кечади. Бу бой бўлишнинг “кўринмас” имтиёзи ҳисобланади.
Иккинчи тарафдан, камбағал пули камлиги ҳисобига даромад ошиши манбаи бўлган таълим (диплом) олишга вақт ва маблағ сарфлай олмайди, акс ҳолда оч қолади. Бундан ташқари, ҳозирги экология ёмонлашиши шароитида етарли моддаларга бой озиқ-овқат тановул қила олмайди, бемор бўлиб қолган тақдирда чет жойда яшагани ҳисобига тиббиёт харажатлари устига йўл кира харажатлари ҳам қўшилади. Қийналиб орттириб йиғган маблағлари эса инфляция таъсирида қадрсизланиб кетади. Демакки, улар камбағаллик ботқоғида қолиб кетаверадилар.
Афсуски, бозор шароитида бу муаммони ечишнинг иложи йўқ. Буни назария ҳам, амалиёт ҳам тасдиқлайди. Бозор назарияси асосий эътиборни жамият миқъёсидаги самаралиликни максимал даражага оширишни мақсад қилгани сабабли (The First Welfare Theorem – Биринчи фаровонлик назарияси), жамият ичидаги аъзолар ўртасидаги бойлик тақсимоти масаласи эътиборсиз қолади. Натижада, жамиятдаги ҳамма бойликни бир киши истеъмол қилиши ҳам “парето оптимал” (самаралилик жиҳатдан энг яхши) ечим бўлиши мумкин. Амалий жиҳатдан қараганда ҳам, бозор назариясига энг яқин ҳисобланган АҚШ иқтисодиётида кишилар ўртасидаги тенгсизлик изчил ошиб бормоқда. Энг бой 0,1% одамнинг даромади ва 90% кам даромадли аҳоли орасидаги фарқ 70-йилларда 35 мартани ташкил этган бўлса, ҳозирда 200 баробарга етган. Хитойда ҳам очиқлик сиёсати бошлангандан кейин даромад тенгсизлик даражаси тез ўса бошлаган. Жумладан, энг бой 10% аҳолининг даромадлари 80-йилларда барча аҳоли даромадларнинг 26%ни ташкил этган бўлса, 2008 йилга келиб 42%га кўтарилган.
Бунинг устига, Халқаро валюта жамғармасининг сўровлари шуни кўрсатадики, ривожланаётган мамлакатларда яшовчи аҳолининг 70 фоизи у ерда яратилган иқтисодий муносабатлар тизими фақат бой қатламни рағбатлантиради. Натижада камбағаллар ва бойлар ўртасидаги тафовутнинг ошиш муаммоси улар учун жуда долзарб ва ҳукумат эътибор бериши керак бўлган соҳа ҳисобланади.
Натижада ҳозирги кунда бозор назарияси иқтисодиётга давлат аралашувини баъзи бир ўринларда ўринли деб билади (The Second Welfare Theorem – Иккинчи фаровонлик назарияси). Давлат аралашуви айниқса, даромадлар тенгсизлиги даражасини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Бугун мамлакатлар ҳукуматларининг эътибори иқтисодий сиёсатнинг янги усулларини излашга қаратилган. Бундай усулларнинг энг машҳурлари жумласига камбағалликни камайтириш, янги барқарор иш ўринларини ташкил етиш, ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, инсон капитали сифатини яхшилаш ва атроф-муҳитни асраш кабиларни киритиш мумкин (ХВЖ, 2013; Жаҳон банки, 2013; Kumah and Sandy, 2013; Jaumotte, Lall and Papageorgiou, 2012; McMillan and Rodrik, 2011).
Асосий хулоса шундан иборатки иқтисодий ўсишга йўналтирилган сиёсат ҳар доим ҳам камбағалликни камайишига хизмат қилмайди. Шунинг учун ҳам иқтисодий сиёсат кўринишлари иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи ва камбағалликни камайтиришга хизмат қилувчи турларга ажратиш мумкин. Жумладан, инновацияларни ривожлантириш, инвестицион муҳитни яхшилашга йўналтирилган сиёсат иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилса, прогрессив солиқ сиёсати, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва барча аҳоли қатламлари учун тенг имкониятларни яратиш сиёсати камбағалликни камайтиришга туртки беради, бандликни ошириш, коррупцияни камайтириш, таълим сифатини яхшилаш кабилар эса ҳам иқтисодий ўсиш, ҳам камбағалликни камайтиришга хизмат қилади.
Иқтисодий ўсиш ва камбағалликни камайтиришга йўналтирилган иқтисодий сиёсати
Коррупцияни камайтириш камбағаллар ҳолатини яхшилаш билан бевосита боғлиқ. Кўп ҳолларда эса коррупция бошқалар, пора бермаганлар зарарига ишлайди. Ундан ташқари коррупция аҳолига қўшимча солиқ юки ҳисобланади. Қонунчиликда одамлар учун яратилган тенг имкониятлардан фойдаланишдан маҳрум қилади.
Иш жойлари яратиш кишиларга даромад манбаи яратишдир. Энг кам иш ҳақи даражасини тўғри белгилаш, одамларнинг расмий ишлашини таъминлаш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, камбағалларнинг бошқалар томонидан “эксплуатация” қилинишини камайтиради.
Прогрессив солиқ сиёсатини қўллаш кўп даромадли кишиларни каттароқ ва кам даромадлиларни камроқ солиққа тортишни таъминлайди. Бу “пул пул келтиради” тамойили яхши ишлайдиган жамиятларда адолатли қарор ҳисобланади. Яъни даромадлар ўртасида 200 баробар фарқ бўлиши баъзилар бошқалардан 200 баробар унумли ишлайди дегани эмас. Бу солиқ сиёсати кўп мамлакатларда қўлланилади.
Таълим сифатини яхшилаш ҳаммага бирдай имконият яратиш йўлидаги бир қадам. Чунки таълимнинг кейинги босқичига ўтишни даромадлар эмас, балки қобилиятлар белгилайди. Ундан ташқари ҳар қандай билим киши унумдорлигига таъсир этиб, даромад ошишини таъминлайди.
Инновациялар иқтисодий ўсишга хизмат қилади ва шу билан бирга паст билим талаб қиладиган иш жойларига талабни пасайтириб юқори билим талаб қиладиган иш жойларига талабни оширади. Бу ўз навбатида камбағал қатламга салбий таъсир қилиб, даромадлар тенгсизлигини келтириб чиқариши мумкин.
Шундай экан, бугунги кундаги камбағалликни камайтиришга алоҳида эътибор беришни талаб этаётган давлат сиёсати назарий ва амалий жиҳатдан асосланган стратегия бўлиб, камбағалликни камайтиришга самарали курашиш имконини беради.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Бош илмий ходими Бахтишод Хамидов