Жаҳон банки 30 йил муддатга шартлар асосида 500 млн доллар маблағ ажратади
- 12.08.2020 09:09
- 157

11 август куни президент Шавкат Мирзиёев «Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Қарор билан Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган лойиҳанинг устувор йўналишлари, маблағдан фойдаланиш схемаси ва тартиблари белгилаб берилган.
Унга кўра, умумий қиймати 659,3 млн АҚШ долларига тенг ва 6 йилга (2020–2026 йиллар) мўлжалланган ушбу лойиҳага Жаҳон банки томонидан 30 йил муддатга қуйидаги шартлар асосида жами 500 млн доллар миқдорида маблағ ажратилади:
- 10 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 181 млн АҚШ доллари миқдорида қарз;
- 10 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тараққиёт уюшмасининг 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит;
- 5 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тараққиёт уюшмасининг 219 млн АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит.
Белгиланишича, лойиҳада Ўзбекистон Республикасининг улуши – 159,3 млн АҚШ долларини, шу жумладан, солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш, инвестиция даврида молиявий харажатларни тўлаш шаклидаги улуш – 124,3 млн АҚШ долларини ташкил қилади.
Президент қарори билан лойиҳа доирасида молиялаштиришнинг устувор йўналишлари ҳам белгилаб берилган. Унга кўра, ажратиладиган маблағлар:
- қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот, таълим ва маслаҳат хизматларининг ишлаб чиқариш билан интеграциялашган самарали тизимини яратиш;
- қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, статистик маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатишнинг ишончли ва шаффоф усулларини жорий этиш;
- озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда «Даладан истеъмолгача» тамойили асосида сифат назоратини кучайтириш, агрологистика, йўл ва бошқа зарур инфратузилмани яратиш;
- экспортни рағбатлантириш, халқаро бозорларда рақобатбардош, экспортбоп юқори қўшилган қийматли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш;
- қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғини диверсификациялаш, соҳада давлат иштирокини камайтириш, кооперация тизимини ривожлантириш ҳамда соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш;
- ер ва сув ресурслари, ўрмон фондидан оқилона фойдаланиш;
- соҳага бошқарувнинг замонавий тизимларини жорий этиш, хизмат кўрсатиш сервисини такомиллаштириш каби мақсадларда йўналтирилади.