Президент Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилишни таклиф қилди
- 30.06.2020 23:33
- 263

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Президент Шавкат Мирзиёев судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказувчи барча омилларни, шу жумладан Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифини илгари сурди. Парламент палаталари ушбу таклифни кўриб чиқади.
Судлар чиқараётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиши лозимлиги таъкидланди. Айрим судьялар тергов материалларига боғланиб қолгани, бу эса қонун, суд ва давлат обрўсига путур етказиши қайд этилди. Одил судлов халқнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора амалга оширилиб, адолат қарор топиши лозимлиги айтиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари, шунингдек, судга бориш учун айрим туман ва шаҳарларимизда одамларга қулайлик яратиш зарурлиги ҳақида гапирди. Мисол учун, аҳолиси энг кўп туманлардан бири бўлган Ургутда (500 минг киши, 102 та маҳалла) фуқаролик суди йўқлиги сабабли 80 километр йўл босиб, Тойлоқ туманлараро судига борилади.
Шу боис судлар ва уларнинг фаолиятини оптималлаштириш бўйича топшириқлар берилди.