Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг Давлат қарзи ҳолати ва динамикасини тақдим қилди
- 15.06.2020 12:18
- 158

“2020йил 1 апрел ҳолатига, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан ва давлат кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 18,2 млрд. AҚШ доллари эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 31,3 фоизни ташкил этди”, дейилади Молия вазирлиги Давлат ички ва ташқи қарзи департаментининг 2020 йил 1-чораги учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳида.
Хусусан, 1-чоракда давлат ташқи қарзи 0,5 млрд. AҚШ долларига ёки йил бошига нисбатан 2,9 фоизга ошиб, жорий йилнинг 1-апрель ҳолатига 16,11 млрд. AҚШ долларига ёки ЯИМга нисбатан 27,7 фоизга етган.
Шундан:
– Ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз – 10,9 млрд. AҚШ доллари;
– Ҳукумат кафолатлаган ташқи қарз – 5,2 млрд. AҚШ доллари.
Давлат ички қарзи 20,0 трлн. сўмни (2,1 млрд. AҚШ доллари) ёки ЯИМга нисбатан 3,6 фоизни ташкил этди. Бунда Президентнинг 2019 йил 9 октябрдаги қарорига кўра чақириб олинган Ҳукумат кафолатлари ҳам инобатга олинган.
Шундан:
– Ҳукумат номидан жалб қилинган ички қарз – 1,7 трлн. сўм (0,2 млрд. AҚШ доллари);
– Ҳукумат кафолатлаган ички қарз – 18,3 трлн. сўм (1,9 млрд. AҚШ доллари).
Вазирлик департаменти Давлат қарзининг сўнги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меʼёрларга кўра Ўзбекистоннинг Давлат қарзи (ЯИМга нисбатан 31,3 фоиз), шу жумладан давлат ташқи қарзи (ЯИМга нисбатан 27,7 фоиз) мўътадил даражада сақланиб қолаётганини таъкидламоқда.
“Халқаро валюта жамғармаси томонидан 2020 йил 19 май куни чоп этилган Қарз барқарорлиги ҳисоботида республиканинг қарзга хизмат кўрсатиш салоҳияти юқори, давлат ташқи қарзи эса мўътадил даражадалиги қайд этилган. Шунингдек, мамлакатимизнинг қарзни тўлай олиш салоҳиятининг умумий индикатив кўрсаткичи (CИ) 3,1 бирликдан 3,2 бирликка кўтарилди”, дейилади Молия вазирлиги Давлат ички ва ташқи қарзи департаменти маълумотида.